Бугун, 30 октябрь куни Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон ва Руминия ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Руминия делегациясига Ташқи ишлар вазирлигининг давлат котиби (вазир ўринбосари) Данут Себастиан Некулаэску бошчилик қилди. Музокараларда Руминия элчиси Ромео Станчо ҳам иштирок этди.
Суҳбат чоғида икки томон муносабатларидаги кенг қамровли масалалар ҳамда Руминиянинг 2019 йил 1 январдан эътиборан Европа Иттифоқидаги раислигини инобатга олган ҳолда «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» шаклидаги ҳамкорликнинг истиқболли масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Руминия мулоқотини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш, парламентлараро алоқаларга тизимли тус бериш, икки мамлакат ишбилармон доиралари, жумладан туристик компаниялари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашувда ҳамкорликнинг янги меҳанизми – Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияни жорий этишдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди. Ушбу комиссия мажлисларини мунтазам ўтказиш мавжуд вазиятга тезда жавоб қайтариш ва масалаларни ҳал қилиш, товар айланмаси номенклатурасини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Руминиянинг инвестицион фаоллигини қўллаб қувватлаш имконини беради.
Изоҳ (0)