Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни жорий йилда давлат бюджетининг кутилаётган ижроси, 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда жорий йил якуни бўйича давлат бюджети даромадлари 74,5 триллион сўм, харажатлари эса 78,5 триллион сўмни ташкил этиши, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 6 баробар кўп маблағ қолиши кутилаётгани қайд этилди.
Бюджет харажатлари 2017 йилга нисбатан 60 фоиз ёки 29 триллион сўмга ошган. Ушбу маблағларнинг 5,6 триллион сўми «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастурлари ва арзон уй-жойлар қурилишини молиялаштиришга йўналтирилди. Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш, аҳолини иш билан таъминлаш учун «Микрокредитбанк»ка 700 миллиард сўм ва «Халқ банки»га 1 триллион сўмдан зиёд маблағ, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини оширишга 4,5 триллион сўм ажратилди.
Асосийси, бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақлари, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, професор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг иш ҳақлари 30 фоиздан 100 фоизгача оширилди.
Валюта ва нарх сиёсатининг эркинлашуви, қишлоқ хўжалигида ҳисоб-китобларнинг тартибга солиниши ва капитал қуйилмалар ошиши бюджет даромадлари кўпайишига ижобий таъсир кўрсатди.
Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бу борада назоратни янада кучайтириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Изоҳ (0)