Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Фарғона вилояти Риштон тумани Чунгара қишлоғида жойлашган 44-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчиларига турар-жой сифатида фойдаланиб келинган бинони қайтаришга амалий кўмак берди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
44-мактаб ўқитувчилари Халқ таълими вазирлигининг «Устоз овози» виртуал инспектор тизимига мурожаат қилган. Мурожаатда айтилишича 10 дан зиёд ўқитувчи болаларни ўқитиш учун туман марказидан Чунгара қишлоғига келади. Мактаб раҳбарияти иш кунларида яшаш учун уларга эски мактаб биносини ажратган.
«Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, қишлоқ аҳолисидан бири ўзбошимчалик билан ушбу бинони эгаллаб олган», — дейилади вазирлик ахборотида.
Вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати мутахассислари мурожаатни ўрганиб чиқиб, ўқитувчилар фойдаланишидаги бинони қайтариб олиш учун тегишли чоралар кўрган.
Изоҳ (0)