Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик I форуми доирасида мамлакатда биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига старт берилди. Шунга мувофиқ, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан энди мамлакат атом энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрланади, деб ёзади ЎзА.
Бунда дастлаб биринчи атом электр станцияси фаолияти учун операцион ходимлар ўқитилади. Шу билан бирга, атом энергетикаси ва у билан боғлиқ соҳалар оид кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш ҳам режалаштирилган. Хусусан, Россияда малака ошириб келган ўқитувчилар Ўзбекистон олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда ўқув курсларини ташкил этади.
«Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси ўртасида имзоланган англашув меморандумига кўра, жамоатчилик орасида атом энергетикаси бўйича ижобий фикрни шакллантириш масаласига катта эътибор қаратилади. Унда оммавий ахборот воситалари вакилларининг атом энергетикаси ва ядро технологиялари борасидаги тушунчаларини ошириш мақсадида улар учун ўқув курсларини ташкил этиш, ядро-энергетика технологиялари ва бошқа қатор соҳаларга бағишланган халқаро анжуман ва кўргазмалар уюштириш мўлжалланган.
Изоҳ (0)