Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатга келган Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди. Жорий йил май ойида АҚШга амалга оширилган олий даражадаги ташрифнинг самарали натижалари стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаш имконини берди.
Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аввало, технологиялар соҳасидаги шерикликни ривожлантиришнинг аниқ истиқболлари муҳокама қилинди.
Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, Палатанинг янги аъзоларини жалб этган ҳолда, инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Керолин Лемм давлат раҳбарига самимий қабул ҳамда Палата аъзоларининг мамлакатимиздаги фаолиятига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун АҚШ ишбилармонлар ҳамжамияти номидан чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистонда барча соҳа ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар тадбиркорлик ташаббусларини муваффақиятли рўёбга чиқаришда кенг имкониятлар яратаётгани қайд этилди.
Америка – Ўзбекистон савдо палатаси мамлакатларимиз ўртасидаги самарали савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда фаол иштирок этишга тайёр экани алоҳида таъкидланди.
Изоҳ (0)