Жорий йилнинг 19 октябрь куни Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда суд ижро ҳужжатлари асосида солиқ қарзини қисқартириш бўйича ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Унда Давлат солиқ қўмитасининг маъмурий биносидаги марказий студиясида қўмитанинг таркибий тузилмалари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти, ҳудудлардаги студияларда эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туман (шаҳар) Мажбурий ижро бюроси бошқармалари бошлиқлари, давлат ижрочилари, вилоят давлат солиқ бошқармалари ва инспекция ходимларидан иборат 1300 дан зиёд масъул мутахассис иштирок этди.
Ҳозирда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 18 майдаги ҳамкорликдаги қўшма буйруғи асосида қарздорларнинг мол-мулкларини хатлаш ва солиқ қарзини ундириш тадбирларига 1 121 нафар ходим жалб этилган.
Бунинг натижасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 2,0 триллион сўм солиқ қарзига эга 41,6 мингта объектда хатлов тадбири ўтказилиб, 195,8 мингта ҳолатда 1 триллион 583,7 миллиард сўм маблағ ундирилди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига (54,7 мингта ҳолатда 454,3 миллиард сўм эди) нисбатан 141,1 мингта ҳолатда 1 триллион 129,5 миллиард сўмга кўп маблағ ундирилганидан далолатдир.
Шу билан бирга, 20,2 мингта қарздорнинг 458,9 миллиард сўм қийматидаги мол-мулклари, шундан 1 450 та бино ва иншоот, 1 819 та транспорт воситаси ва 16 966 та бошқа турдаги мулклар хатланди.
Видеоселектор йиғилишида ҳамкорликдаги ишларни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйган ва кўрсаткичлари паст бўлган Тошкент, Қашқадарё, Сирдарё, Навоий вилоятлари бошқармалари ва туман давлат солиқ инспекциялари раҳбарларига нисбатан кескин эътирозлар билдирилиб, камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)