Италиянинг Рома шаҳрида бўлиб ўтган 19-Осиё фильмлари фестивалида 73 йил олдин суратга олган «Тоҳир ва Зуҳра» фильми учун, миллий ўзбек киносининг асосчиларидан бири, кинорежиссёр, бутун умрини кино санъатига бағишлаган Наби Ғаниев «Жаҳон киносига қўшган улкан ҳиссаси учун» махсус дипломига муносиб кўрилди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги расмий сайти хабар бермоқда, деб ёзади ЎзА.
Фестивальда Ўзбекистон, Хитой, Вьетнам, Грузия, Эрон ва бошқа бир қатор Осиё мамлакатларидан жами 26 та фильм намойиш этилди. Улар қаторида 8 октябрь куни Рашид Маликовнинг «Сабот» ва 10 октябрь куни Наби Ғаниевнинг «Тоҳир ва Зуҳра» фильми намойиш этилди.
«Осиё фильмлари фестивалида 73 йил олдин ўзбек киносининг асосчиларидан бири, кинорежиссёр Наби Ғаниев суратга олган ‘Тоҳир ва Зуҳра’ фильми танлаб олингани ва у Европа кино санъати усталарининг эътирофига сазовор бўлгани киночиликда тарихий фильмларга нисбатан объектив ёндашувнинг яна бир намунаси бўлди», — дейди «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев.
Изоҳ (0)