Ўзбекистонда 20 октябрдан 4 ноябрга қадар киберспорт бўйича World Electronic Sports Games (WESG) халқаро турнири доирасида малакали матчлар ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
WESG саралаш босқичлари жаҳон бўйлаб ўтказилмоқда ва унинг финал босқичида энг яхши ўйинчилар иштирок этади. Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси маълумотларига кўра, улар орасида малакали матчларда бир пайтнинг ўзида олтита ўйин тури бўйича иштирок этадиган ўзбек геймерлари ҳам бўлиши мумкин.
WESG иштирокчиларининг финал жангларини ўтказиш учун Хитойнинг Чунсин шаҳри танланди. 2019 йилнинг март ойида бу ерга дунёдаги энг кучли геймерлар тўпланади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 5,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Аввалги қатор турнирларда бўлгани каби, WESG’да, шунингдек, аёллар ва эркаклар мономиллий жамоалари иштирок этади.
Жорий йилнинг 15 августидан бошлаб Ўзбекистон киберспортни спорт турларидан бири сифатида расман тан олган мамлакатлар қаторига қўшилди.
Электрон компьютер спортининг эътироф этилган спорт турлари расмий реестрига киритилиши уни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, киберспорт маҳаллий АТ тармоғи учун рақамли келажак калитидир.
Ҳозир дунё миқёсида киберспортнинг аудиторияси 230 миллион кишидан ошади, буни бошқа спорт турлари аудиторияси билан таққослаш мумкин. Айни пайтда ушбу аудитория ҳар йили 10-20 фоизга ошиб бормоқда. Newzoo таҳлилий компаниясининг маълумотларига кўра, киберспорт соҳасидаги даромадлар йилдан йилга ўсиб боради. Бунда салмоқли даромад реклама, ҳомийлик ёрдами, чипталар ва бренд маҳсулотлари сотиш ва киберспорт воқеаларини трансляция қилиш ҳуқуқи ҳисобига таъминланади.
2020 йилга келиб компаниянинг киберспортга ажратиладиган инвестициялари миқдори икки баробар оширилиши режалаштирилмоқда, натижада саноатнинг умумий даромади 1,5 миллиард АҚШ долларига етади. Бундай аудитория нафақат IT соҳасидаги йирик компаниялар, балки ёшлар ва қолаверса ўзига тўқ ва замонавий технологияларга ихлосманд одамлар ўртасида ўз брендини олиб киришдан манфаатдор бўлган компанияларни ҳам тобора кўпроқ жалб қилади.
Изоҳ (0)