Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари прокуратура вакиллари билан ҳамкорликда йил бошидан бери валютафурушлардан 73 миллиард сўмдан ошиқ чет эл валютасини мусодара қилди. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар берди.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Ўтган вақт мобайнида уларга нисбатан 1498 та маъмурий ва 389 та жиноий иш қўзғатилди. Охирги пайтларнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари хорижий валюта олди-сотдисига оид бир неча йирик ҳолатларни фош этди.

Жумладан, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида икки нафар банк ходими ва фуқаро Н.Б 19 минг долларни 160 миллион сўмга сотаётганда қўлга олинди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги «Мармар» бозори ҳудудида 1992 йилда туғилган фуқаро С.П. 10400 долларни 84,9 миллион сўмга сотаётганда ушланди. Унинг автомобилидан яна 60 минг доллар топилди, жами эса 72 минг доллардан ошиқ валюта мусодара этилди.