Наманган вилоятида ноқонуний ишлаган «Зиё илм» нодавлат таълим муассасаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади ЎзА.
Мамлакатда таълим соҳасида хусусий сектор салмоғини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, хусусан сўнгги йиллар ичида нодавлат таълим ташкилотларини очиш, уларга лицензия бериш борасида қатор янгилликлар жорий қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги 241-сонли қарорига асосан лицензия бериш жараёни ҳудудларда, «Ягона дарча» тамойили бўйича, Давлат хизматлари агентликлари орқали ташкил этилди.
Бундан ташқари, ариза билан топшириладиган ҳужжатлар сони тўрттага қисқарди, янги қарорга мувофиқ лицензия бериш муддати 10 кун ичида расмийлаштирилиши зарурлиги белгиланди. Бироқ, шундай шароитлар яратилишига қарамасдан, айрим тадбиркорлар томонидан лицензия олмасдан фаолият олиб бориш жараёнлари кузатилмоқда.
Хусусан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Наманган вилоятида олиб борилган ўрганишлар давомида, «Зиё илм» нодавлат таълим муассасаси ноқонуний фаолият олиб бораётганлиги аниқланди. Ушбу нодавлат таълим муассасаси лицензияни қалбакилаштирган ҳолда фаолият олиб бораётганлиги аниқланиб, унинг фаолиятига чек қўйилди.
Изоҳ (0)