Тошкент вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган шахсларни аниқлаш юзасидан вилоят ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида жами 187,7 миллион сўмлик товарларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Жумладан, Тошкент туманидаги Учқаҳрамон савдо мажмуаси ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида 11А/Б-сонли дўконда Сурхондарё вилояти, Узун туманида доимий рўйхатда турувчи фуқаро Т. Холмўминов (исми, шарифи ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 11 турдаги умумий қиймати 54,4 миллион сўмлик 951 дона эркаклар кийими ва пойабзалини ноқонуний равишда сотаётганлиги аниқланди ва унга нисбатан тегишли чора қўлланилди.
Солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан Янгийўл шаҳрида ўтказилган назорат тадбирларида Самарқанд кўчаси 1-уйда жойлашган савдо дўконида фуқаро Н.Аҳмаджонова (исми, шарифи ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу фуқародан ноқонуний равишда савдога қўйилган умумий қиймати 23,8 миллион сўмлик озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Шунингдек, Зангиота тумани Хонобод ҚФЙ, Тошкент маҳалласида жойлашган хонадонда фуқаро Б.Каримов (исми, шарифи ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда тикув цехини ташкил этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Бу фуқародан ҳам умумий қиймати 77,2 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Ушбу манзилда фуқаро Д.Муродов (исми, шарифи ўзгартирилган) ҳам белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда тикув цехини ташкил қилган. Шу боис ундан умумий қиймати 16,8 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Изоҳ (0)