Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ҳамда вилоят Бандлик бош бошқармаси томонидан «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қонун талабларини бузган бир қатор мактаб директорлари маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Хусусан, Жомбой туманидаги 40-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб директори Ш. Намозова 7 июнь куни мактаб ўқитувчилари М. Холжигитова, Г. Эргашева ва Р. Суюндиқова ҳамда вояга етмаган 7-синф ўқувчиси М. Искандаровани мактаб синфларини жорий таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилинганлиги аниқланган.
Ш. Намозова Меҳнат кодексининг 7-моддаси талаби бузилганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари (861200 сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Шунингдек, Оқдарё туманида жойлашган 22-сонли умумтаълим мактаб директори З. Бўронова 12 июнь куни мактаб ўқитувчиси Р. Абдуҳамидова, Х. Равшанова ва Д. Эшмирзаевани мактаб синфларини жорий таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилинганлиги аниқланган.
Натижада Самарқанд вилоят бандлик бошқармаси томонидан 22-сонли умумтаълим мактаб директори З. Бўронова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари (172240 сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Самарқанд вилоят Бандлик бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори Гамлет Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг февраль сентябрь ойларида 81 нафар фуқаро меҳнат ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилган. Мурожаатларнинг барчаси ўрганлиб ижобий ҳал қилинган.
Изоҳ (0)