27-сентаб куни Польшанинг Домброва – Гурнич олий бизнес мактаби Халқаро алоқалар бўйича проректори Павел Ургач бошчилигидаги делегация вакиллари Тошкент давлат аграр университетига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Дарё»га университет матбуот хизмати маълум қилди.
Ташриф мобайнида икки ОТМ ўртасида бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича йўлга қўйилган ҳамкорлик лойиҳалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Музокаралар давомида Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботир Сулаймонов икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ўз фикрларини билдирди. Хусусан, қўшма дастур лойиҳаси бўйича ўқишга қабул қилинган 25 нафар лойиҳа талабалари учун яратилган шароитлар ва Домброва – Гурнич университети профессор-ўқитувчилари семестр давомида ўқув жараёнида бевосита иштирок этиши учун яратилган шароитлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Ташрифнинг иккинчи қисмида қўшма дастур доирасида «Кичик ва тадбиркорликни ташкил этиш» мавзуида учрашув ташкил этилди. Унда қўшма дастурда иштирок этиш учун керакли ҳужжатлар ва имтиҳон босқичлари, имтиҳондан ўтган талабалар учун бериладиган имкониятлар, ўқув жараёни, икки томонлама дипломнинг аҳамиятли томонлари ҳамда лойиҳа бўйича ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга жавоб олди.
Изоҳ (0)