25 сентябрь куни турк ҳамкасбларининг таклифи билан Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари ўртасидаги Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг биринчи мажлисини ўтказиш учун Туркиянинг Анқара шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати «Дарё» га маълум қилди.
26 сентябрь куни Анқара шаҳрида юқорида номи тилга олинган ишчи гуруҳнинг илк мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида ички ишлар вазирликларининг вакиллари — Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Д.Назармуҳаммедов ва Туркия ички ишлар вазирининг ўринбосари Муҳтерем Инжу терроризмга қарши курашиш, ноқонуний миграция ва одам савдоси, уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси бўйича томонлар фаолиятининг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги истиқболларини муҳокама қилди.
Мажлис якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида 2018—2019 йиллардаги ҳамкорлик тўғрисида Баённома имзоланди.
У ҳамкорликни янада яхшилаш, иш тажрибасини алмашиш ва терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ноқонуний миграция ва қурол айланмаси, уюшган жиноятчилик, иқтисодий жиноятлар, шунингдек қидирув ишларини амалга ошириш соҳаларида ўзаро ҳамкорликнинг амалий масалаларини кўзда тутади.
Изоҳ (0)