18 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Ўзбекистонга ишчи ташриф билан келган халқаро диний эркинлик соҳасидаги алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбекни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликнинг изчил мустаҳкамланаётганлигини чуқур мамнуният билан таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг имкониятлар яратишга асосланганлигини таъкидлади.
Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида диний таълим соҳасидаги фаолиятни тубдан яхшилаш бўйича аниқ чоралар қабул қилинди.
Мамлакатда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислом тараққиёти маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон БМТ Бош ассамблеясининг «Таълим ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.
Самуэль Браунбек самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди ва Америка томони уларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлигини таъминлашда эришилган тараққиётга алоҳида урғу берди.
Ўзбекистон—Америка ҳамкорлиги, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, мамлакатда конфессиялар ўртасидаги бағрикенгликни таъминлаш масалаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлиги билдирилди.
Изоҳ (0)