Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд шаҳар бошқармаси томонидан аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда кўрсатилиб келинаётган хизматлар сони 70 тага етказилди. Жорий йил охиригача хизматлар сонини 100 тага етказилиши кўзда тутилган. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд шаҳар бошқармаси томонидан 34 112 нафар аҳолига Давлат хизматлари кўрсатилган. Ўтган йили бу кўрсатгич 5 300 тани ташкил қилган.
«Давлат хизматлари марказлари — аҳолига барча хизматлар бир жойда кўрсатиладиган ўзига хос масканга айланди. Энг муҳими, хизмат марказлари орқали сўнгги пайтларда салбий иллатга айланган коррупция масаласига барҳам бериш учун яхши омил бўлиб хизмат қилмоқда, дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд шаҳар бошқармаси ҳужжатларни қабул қилиш ва тарқатиш бўлими бошлиғи Алижон Юсупов. — Сўнгги пайтларда аҳолининг электрон рақамли имзо ҳамда мактабгача таълим муассасаларига бўлган мурожаатлари ортган».
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд шаҳар бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан мулкий ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ҳам бир марталик акциялар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда бир ой мобайнида келиб тушган 605 та мурожаатнинг ҳозиргача 55 таси ижобий ҳал қилинган. Айни пайтда қолган мурожаатлар ўрганилмоқда. Мурожаатлар икки иш кунида ўрганилиб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)