Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегация Россиянинг Ленинград вилоятида бўлганида турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилган эди. Хусусан, Ленинград вилояти дўстлик уйи вакиллари маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Фарғона вилояти билан ҳамкорлик бўйича келишувга қўл қўйди, деб ёзади ЎзА.
Жорий йил 14 сентябрь куни Санкт-Петербургдаги дўстлик уйида бўлиб ўтган тадбирда Фарғона вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари, тадбиркорлар, маънавият ва маданият соҳаси, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллиги, илмий-маданият марказлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ўзбекистонлик талаба-ёшлар, шу ерда истиқомат қиладиган ўзбекистонликлар иштирок этди.
Унда сўзга чиққан Ленинград вилоятининг Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш, миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар қўмитаси раиси Лира Бурак, Дўстлик уйи директори Владимир Михайленко, Фарғона вилояти Славян миллий маданий маркази раҳбари Галина Акопджанова ва бошқалар Ўзбекистонда рўй бераётган иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ўзгаришлар даврида халқлараро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди.
Тадбирда Ленинград вилояти Дўстлик уйи ва Фарғона вилояти Славян миллий маданий маркази ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
«Биз ўзаро миллий ансамбллар гастролларини уюштириш, таълим соҳасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, рус тили ўқитувчиларини Фарғонага муддатли ишга таклиф этиш каби аниқ масалалар белгиланган ‘Йўл харитасиъни ишлаб чиқишга муваффақ бўлдик, — дейди Г.Акопджанова. — Унда Ленинград вилоятида Фарғонанинг сайёҳлик имкониятларини тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар мавжуд».
Шунингдек, Фарғона вилояти делегацияси Приозерск шаҳрида бўлиб ўтган «Россия оҳанглари» V этномаданият фестивалида ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)