Ўзбекистондаги мавжуд кинопрокат тизимида кўп йиллик анъаналарни йўққа чиқарган янгилик содир бўлди. Яъни, бундан буён киностудияларнинг мамлакатдаги давлат тасарруфида бўлган мавжуд кинотеатрлар билан тўғридан-тўғри алоқалари тугатилди, деб ёзади ЎзА.
Президентнинг жорий йил 24 июлдаги «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 апрелдаги «Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Ўзбеккино» миллий агентлиги тизимда бир қатор ўзгаришларни амалга оширмоқда. Улардан энг асосийси, Республика кинопрокат маркази ва уларнинг республиканинг барча ҳудудларидаги филиаллари ташкил этилиши бўлди.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокировнинг «Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги буйруғига кўра, бундан буён Агентлик тизимидаги барча кинотеатрларни миллий ва хорижий фильмлар билан таъминлаш марказлашган ҳолда Республика кинопрокат маркази томонидан амалга ошириладиган бўлди. Кинопрокат тизимига кирувчи барча кинотеатрларда фильмлар намойишини ташкил этиш хусусий кино ишлаб чиқарувчилар – студиялар ва дистрибютерлар билан тузиладиган шартномалар асосида Республика кинопрокат маркази томонидан амалга оширилади.
Эндиликда Агентлик тизимидаги ва бошқа кинотеатрларда Республика кинопрокат маркази билан прокат шартномалари тузилмаган ва репертуар режага киритилмаган фильмлар намойишини амалга ошириш мумкин эмас. Агентлик тизимидаги пойтахтда жойлашган Алишер Навоий номидаги киносаройга, Самарқанддаги Шарқ юлдузи кинотеатрига ҳамда Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий номли кинотеатрга қарашли бўлган барча киноафиша стендлари ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлаш учун оператив бошқарув асосида Республика кинопрокат маркази ихтиёрига ўтказиб берилади ва улар замонавий электрон стендларга босқичма-босқич алмаштирилади. Шу билан бирга, шаффофликни таъминлаш мақсадида кинотеатрлар оптик толали алоқа линияси орқали кинопрокат электрон тармоғига уланади ва уларда электрон киночипталарни юритиш автоматлаштирилган тизими жорий қилинади.