Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам янги – 2018/2019-ўқув йили «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остидаги «Мустақиллик дарслари» билан бошланди, деб ёзади ЎзА.
Янги ўқув йилининг бошланиши ва «Мустақиллик дарслари»да вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов Самарқанд шаҳридаги 37-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади.
Янги ўқув йилида вилоятдаги 1 минг 200 умумтаълим мактабида 683 минг нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Жумладан, 78 минг нафар бола илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Уларга ўқув қуролларидан иборат Президент совғаси топширилди.
Жорий йилги инвестиция дастури ҳамда «Обод қишлоқ« ва «Обод маҳалла« дастурлари асосида вилоятдаги 98 мактабда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мактабларга 226 номдаги жами 3 миллион 297 минг дона дарслик етказиб берилди.
Янги ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 10-синфида ўқишни давом эттирадиган 56 минг 250 нафар, 11-синфида ўқийдиган 30 минг 203 нафар ўқувчига касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган.
Вилоят ҳокими ўқувчиларга ўқишда муваффақият тилади.
Изоҳ (0)