Шаҳрисабз муҳим тарихий воқеага мезбонлик қилиш арафасида. Президент ташаббуси билан жорий йил 6—10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Айни пайтда анжуманга тайёргарлик жараёни қизғин давом этмоқда, деб ёзади ЎзА.
Анжуман муносабати билан тарихий маскан Амир Темур хиёбони ўзгача қиёфа касб этган. Оқсарой атрофидаги майдонлар, ҳудудлар кесимида тақсимланиб, миллий анъана ва қадриятларни акс эттирувчи сценарий ва дастурлар лавҳалари устида иш олиб борилмоқда. Саҳна декорацияси ва майдонни ободонлаштириш ишлари авжида. Қўшимча чироқлар ва декорациялар учун махсус ёритгичлар ўрнатилмоқда. Бу жараёнда минг нафарга яқин ишчи иштирок этмоқда.
Анжуман доирасида илмий симпозиум, жаҳон мақом санъати ва ўзбек мақом санъати усталари иштирокидаги чиқишлар, ёш мақом ижрочилари танлови, шунингдек, илмий-ижодий тақдимотлар, давра суҳбатлари ва бошқа барча тадбирлар белгиланган дастурлар асосида ташкил этилади. Бунинг учун алоҳида павилонлар ажратилган. Форумни юқори савияда ўтказиш мақсадида 1 минг 600 кишилик махсус амфитеатр барпо этилмоқда. Анжуманнинг очилиш маросими бадиий дастурида режиссёр Баҳодир Йўлдошев тавсиясига кўра, Бухоро, Хоразм, Тошкент ва Фарғона мақом йўналишлари бўйича вилоятлар мақом ансамблларининг чиқишлари, мусиқий композициялар режалаштирилмоқда.
Шунингдек, шаҳрисабзлик ёш мақомчиларнинг ижролари ва Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли томонидан «Шашмақом»нинг дунёда эътироф этилган 6 шў’ба тармоғи — «Бузрук», «Рост», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Ироқ» мақом намуналаридан композициялар намойиш этилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)