Япониялик машҳур олим, Нобель мукофоти лауреати Рёдзи Ноёри Нагоя университети Президенти Мацуо Сейити бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
29 август куни Тошкент шаҳрида Рёдзи Ноёри билан ўзбекистонлик тадқиқотчи олимлар ва ёш истеъдод эгалари билан учрашув бўлиб ўтди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқаро Нобель фонди ҳамкорлигида ташкил этилган учрашув йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Тадбирда кимёгар олим юртимизда илм-фан ривожи йўлида қилинаётган ишларга юқори баҳо берди. Илмий фаолияти ва изланишларига доир ўз тақдимоти билан иштирок этди.
Маълумот ўрнида, дунё тан олган олим Рёдзи Ноёри 2001 йилда каталитик ассиметрик синтез йўналишидаги муваффақиятли илмий изланишлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган. Унинг тадқиқотлари натижасида тўқималардаги кимёвий жараёнларни назорат қилиш имкони яратилди. Рёдзи Ноёри Япония таълим, маданият, спорт, илм-фан ва технологиялар вазирлиги илмий кенгашининг ҳақиқий аъзоси ва қатор Европа давлатлари, шунингдек, АҚШ, Хитой Фанлар Академияси аъзосидир. БМТнинг турли лойиҳаларида ўз ташаббуслари билан фаол иштирок этади.
Изоҳ (0)