«Қўқон» эркин иқтисодий зонасида қиймати 171,5 миллион доллар бўлган 71 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур 71 та лойиҳа 63 инвестор томонидан тақдим этилган. Инвесторларнинг 59 тасига иштирокчи гувоҳномаси берилди, қолган 4 та лойиҳа юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
«Қўқон» эркин иқтисодий зонаси учун 709 гектар ер майдони ажратилиб, ҳудудда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Янги инвестиция лойиҳалари натижасида 3,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 139,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Асосийси, бу ерда 6 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Эркин иқтисодий зонада 6 та кимё ва нефть, 14 та қурилиш материаллари, 4 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 12 та енгил саноат, 7 та чарм пойабзал, 3 та электротехника, 4 та фармацевтика, 3 та машинасозлик ва автомобилсозлик, 3 та қоғозни қайта ишлаш ва мебелсозлик йўналишларида замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда.
Айни пайтда қиймати 7,2 миллион доллар бўлган 4 та лойиҳа – «Шаффоф метан саноати» МЧЖда юқори босимли метан газ баллонлари, «Адмирал групп» МЧЖда ун ва ун маҳсулотлари, «Камтар бегойим» МЧЖда пойабзал ҳамда сунъий мўйна маҳсулотлари ишлаб чиқариш бошланди.
Қиймати 32,2 миллион доллар бўлган 21 та лойиҳани жорий йилнинг сўнгига қадар, қиймати 125,1 миллион доллар бўлган 40 та лойиҳани эса 2019–2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)