8 август, чоршанба куни «Озодлик»нинг «Сиздан Telegram» рукнида «39 минг қарз учун 370 минг жарима солиш инсофданми?!» номли мақола эълон қилинган.
«Озодлик»нинг мақоласида келтирилишича, фуқаро Ойзода Абдакимованинг электр энергиясидан 39 минг сўм қарзи бўлгани сабабли Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани МИБ бўлими ходимлари томонидан хонадон тармоқдан узиб қўйилган.
МИБ раҳбариятининг аниқлашича, 21 июль куни бюронинг Хўжайли туман бўлими инспектори Абдакимованинг 59 436 сўм қарздорлиги борлиги ҳақда талабнома расмийлаштирган. Шунингдек, бюро хизматчиси талабнома шартлари бажарилмаган тақдирда, хонадоннинг тармоқдан ажратилиши ва қайта уланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилиши ҳақида огоҳлантирган. 30 июль куни талабнома шартлари бажарилмагани сабабли хонадон тармоқдан ажратилган ва далолатнома нусхаси уй эгасига берилган.
Хонадон тармоқдан ажратилганидан сўнг, фуқаро Абдакимова 30 июль куни электр энергияси учун 90 000 сўм тўлаган бўлса-да, тармоққа қайта уланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги тўловни ҳозирга қадар амалга оширмаган. Шунинг учун ҳам хонадон тармоққа қайта улаб берилмаган.
«Демак, Абдакимованинг мурожаатида келтирилган маълумотлар ҳақиқатга мос эмас. Хусусан, унинг электр энергиясидан қарздорлиги 39 000 сўм эмас, балки 59 436 сўмни ташкил қилган. Шунингдек, хонадонни тармоқдан узиш ҳақидаги далолатнома нусхаси унинг турмуш ўртоғига тақдим қилинган. Бундан ташқари, бюронинг Хўжайли туман бўлими инспектори ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этмаган. Шундан келиб чиқиб, Мажбурий ижро бюроси ‘Озодлик’ эълон қилган маълумотларни асоссиз деб ҳисоблайди», — дейилади МИБ ахборотида.
Изоҳ (0)