Индонезиянинг Ломбок оролида юз берган зилзила қурбонлари сони салкам 400 нафарга етди, деб ёзмоқда «Вести.ru».
Жароҳат олганлар сони деярли минг нафарни ташкил қилмоқда.
Ломбок ороли маъмурияти марказий ҳукуматга ҳудудда умуммиллий ҳалокат юз берганини эълон қилишни сўради. 270 минг маҳаллий аҳоли бошпанасиз қолган, уларнинг уйи бутунлай вайронага айланган.
Эслатиб ўтамиз, 29 июль, якшанба куни оролда 6,4 балли ер силкинишлари қайд этилган эди. Шу куни маҳаллий ҳукумат 10 кишининг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. 30 июль, душанба куни қурбонлар сони 14 тага етган. Мингдан ортиқ бинога зиён етган. Зилзила 7 километр чуқурликда содир бўлган.
5 август, якшанба куни оролда 6,9 балли зилзила юз берган. Дастлаб 80 нафар, кейин эса 91 нафар қурбонлар ҳақида хабар қилинган. 6 август куни ҳалок бўлганлар сони 142 нафарга етган. Ер силкинишлари қўшни Бали оролида ҳам сезилган. Маълумотларга қараганда, Балида 2 киши ҳалок бўлган.
6 август куни кечқурун Матарам шаҳридан 47 км шимоли-шарқда «жуда кучли» деб баҳоланган зилзила қайд этилган.
Изоҳ (0)