Наманган вилояти ҳудудидан ўтган Катта Фарғона канали водийдаги энг йирик гидротехник иншоотлардан биридир. Мазкур канал Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидаги 500 минг гектар суғориладиган ерларни суғоришда катта аҳамиятга эга. Айни пайтда канал ҳавзасида иккита гидроэлектр станцияси барпо этилмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.
Сув хўжалиги ва энергетика объектлари қурилишида катта тажриба тўплаган «Topalang HPD BULDING» МЧЖ бунёдкорлари Хитой билан ҳамкорликда каналнинг Учқўрғон тумани ҳудудидан ўтган қисмида ГЕС қурилишини бошлади.
«Лойиҳа қиймати 26 миллион долларга яқин ушбу объект бугунги кунда Ўзбекистонда бунёд этилаётган гидроэнергетика иншоотлари орасида алоҳида ўрин тутади, — дейди мазкур МЧЖ бош муҳандиси О.Жўраев. — Станцияларнинг ҳар бири 6 МВт қувватга эга бўлиб, йилига 72,8 миллион КВт соат электр қуввати ишлаб чиқаради».
Ўтган давр мобайнида объектда 45 миллиард сўмлик иш бажарилди. Тўрт ярим километрли янги канал ўзани барпо этилди. ГЕСлар айнан мана шу тармоқда қад кўтаради. Айни пайтда бўлажак станциялар бинолари қурилмоқда. Декабрь ойи охирида турбиналар ҳам монтаж қилиб бўлинади. Келгуси йилнинг биринчи чорагида созлаш ишлари олиб борилади ва Наврўз байрами арафасида истеъмолчиларга дастлабки электр қуввати етказиб берилади.
Айни пайтда қурилиш майдонларида икки сменада иш ташкил қилинган. 15 экскаватор, булдозер ва бошқа техника ҳамда механизмлар, 20 дан ортиқ транспорт воситаси туну кун ишламоқда.
Изоҳ (0)