Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилфуза Жалилова ўзбек кино саноатидаги муаммолар ҳақида фикр билдирди, деб ёзмоқда ЎзА.
— Ишлаб чиқарилаётган кино маҳсулотларининг мафкуравий-бадиий даражасининг пастлиги, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик ишларининг лозим даражада сифатли эмаслиги, ёшлар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган бадиий образларнинг кўпинча мавжуд эмаслиги ёш авлодни жасорат ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш, «оммавий маданият»га ёт унсурларига қарши курашиш каби миллий кинематографиянинг асосий мақсадларини амалга ошириш имконини бермаяпти. Бу, албатта, соҳанинг тараққий этишига ва кино бозорида рақобатбардошлигини оширишга ғов бўладиган асосий тўсиқлардир. Кейинги йилларда суратга олинган айрим киноларнинг бошланиши билан унинг қандай якун топиши, ҳатто қаҳрамонларининг қандай хатти-ҳаракат қилиши-ю ҳаёт йўллари, умуман, асар сюжетини олдиндан тахмин қилиб билиб олиш мумкин. Бу каби омиллар ўзбек киноси савиясининг тобора тушиб бориши, жаҳон кино бозоридаги паст мавқейида яққол акс этиб, ўзбек брендининг дунёга танилишида тўсиқ бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 24 июлда Президентнинг «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Изоҳ (0)