Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июль куни хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги қолоқликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоятлар ҳокимлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Жорий йилда инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари дастурлари доирасида барча манбалар ҳисобидан 2612 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириб, жами 6 миллиард 850 миллион доллардан зиёд маблағларни ўзлаштириш белгиланган.
Йиғилишда мазкур сармояларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати сустлиги танқид қилинди.
Йиғилишда Инвестиция қўмитасига халқаро ва хорижий молия ташкилотлари иштирокидаги барча лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари, тендер ҳужжатлари, импорт шартномаларини янги жорий қилинган тартиб асосида экспертиза қилиш ёки рўйхатга олиш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
«Бундан буён халқаро ва хорижий молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни бажаришда ишни ўзибўларчилик кайфияти асосида ташкил қилишга йўл қўйилмайди. Ўзлаштирилмаган ҳар бир доллар учун барча даражадаги раҳбарлар шахсан жавоб беради. Ҳар бир лойиҳа ташаббускори ҳам масъулиятни ўз зиммасига олиб, лойиҳани ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва якуний натижа учун жавобгар бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда «Лойиҳани амалга ошириш гуруҳ»лари фолиятини самарали ташкил қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Инвестиция қўмитасига барча гуруҳлар таркибини қайта кўриб чиқиб, уларни лойиҳалар кесимида эмас, тармоқлар йўналишида ихтисослаштириш асосида қайта ташкил этиш топширилди. Улардаги экспертлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириб, билим ва тажрибали, ҳалол, профессионал ходимларни ишга қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.
Видеоселекторда 2019 йилги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)