6–10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган Халқаро мақом санъати анжумани биринчи марта ўтказилади. Айни вақтда тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Анжуманда таниқли хорижий олимлар, мусиқачилар, машҳур санъаткорлар ва Ўзбекистон ҳудудида етакчи мутахассислар жалб этилади. Тахминларга кўра, унда дунёнинг 70 мамлакатидан 500 нафарга яқин меҳмонлар иштирок этиш кутилмоқда.
Хорижлик иштирокчилар ва меҳмонларга халқаро стандартлар даражасида сифатли хизмат кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Шу боис Шаҳрисабз шаҳрида таълим ва туризм консалтинг маркази ташкил этилди. Унда меҳмонхоналар, ресторанларнинг малакали мутахассислари кўнгиллиларга бепул семинар-тренинглар ўтказмоқда. Бунда хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини таъминлаш учун назарий ва амалий машғулотлар санитария-гигиена қоидалари, хулқ-атвор маданиятига эътибор қаратилмоқда.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси миллий таомлар тайёрлаш маҳорат дарслари, «Чорсу» галереяси миллий либослар кўргазмасини иштирокчилар учун тақдим этади. Шунингдек, меҳмонлар тарихий обидалар, хушманзара тоғли ҳудудлар бўйлаб саёҳат қилиши режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)