Хоразм вилояти Боғот туманидаги «Шарифбой Шоҳжаҳон» кўп тармоқли фермер хўжалиги паррандачилик билан шуғулланади. Хўжаликда ўтган йил сентябрь ойидан бошлаб агротуризм йўналишидаги лойиҳалар тажриба тариқасида амалга оширилмоқда, деб ёзади ЎзА.
– 2017 йил сентябрь ойида Фарғона вилоятидаги оилавий корхоналардан бирида парваришланаётган туяқушлардан 12 бош келтирдик ва агротуристик маскан ташкил қилдик, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Вафоев. — Бугунги кунга келиб бу жониворларни томоша қилишга қизиқувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони кўпайиб қолди. Бу қушлар иссиқ иқлимга мослашган, шу сабабли бизнинг табиатимиз ҳам уларнинг яшаши ва кўпайиши учун қулай ҳисобланади. Туяқуш — ўтхўр жонзот. Уларни беда, ем ва бошқа зарур озуқалар билан парваришламоқдамиз.
Туяқушлар 3–4 йилда 120–150 килограмм тош босади. Туман ҳокимлиги вакиллари фермернинг бу лойиҳасини келиб кўрди ва 2 гектар ер майдони ажратишда амалий ёрдам берди. Бу майдонда туяқушни сақлаш хоналари қуриш ҳамда озуқа экинлари етиштириш режалаштирилган. Айни пайтда туяқуш, бедана ва курка боқилаётган хўжаликда қушларнинг турини янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ (0)