Самарқанд божхона бошқармаси ходимлари томонидан заргарлик буюмларини қонунга хилоф равишда республика ҳудудига олиб киришга уриниш фош этилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Истанбул—Самарқанд йўналишидаги 276-сонли авиарейс билан учиб келган йўловчилар Х.М. ва З.Д. Самарқанд халқаро аэропортида кумушдан ясалган заргарлик буюмларини фолга қоғозга ўраб, қўл сумкасида олиб ўтмоқчи бўлган.
Х.М.нинг қўл сумкаси текширилганда қиймати қарийб 12 миллион сўмлик, жами оғирлиги 300 граммга яқин кумушдан ясалган заргарлик буюмлари (23 дона узук, 15 жуфт зирак, 15 дона кулон, 19 дона занжир ва 1 дона билакузук) аниқланди.
Худди шундай, З.Д.нинг сумкасида ҳам қиймати тахминан 10 122 800 сўмлик, жами оғирлиги 253,07 граммга тенг кумушдан ясалган заргарлик буюмлари (23 дона узук, 16 жуфт зирак, 15 дона кулон, 18 дона занжир ва 1 дона билакузук) яширилгани маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)