18 июль куни «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятида «Халқ розилиги — давлат тараққиётининг бош омили» мавзусида Республика конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Унда «Ўзтрансгаз» АЖ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши бошқаруви, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 6 миллион 143 минг истеъмолчига газ ёқилғиси етказиб берилмоқда. Шулардан 3 миллион 300 минг уй-жой ва 83 мингга яқини улгуржи истеъмолчига табиий газ, 2 миллион 760 минг аҳоли хонадонларига эса суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Улгуржи табиий газ истеъмолчиларининг 5 минг 700 га яқинини саноат корхонаси, 45 минг 500 га яқини маиший хизмат кўрсатиш объекти ҳамда 31 минг 500 таси якка тартибдаги тадбиркорлик субъектидир.
2018 йил 1 апрелдан аҳолига сотиладиган 1 килограмм суюлтирилган газнинг нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида 700 сўм, қолган ҳудудларда 500 сўм этиб белгиланди.1 августдан бошлаб, мамлакатнинг барча ҳудудларида аҳолига суюлтирилган 1 килограмм газни 800 сўмдан етказиб бериш белгиланмоқда.
Ҳозирда «Ўзтрансгаз» бошқарувининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга ошириш, хатларнинг тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида ижро аппарати таркиби беш нафар мутахассисдан иборат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими» ташкил этилган.
«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятига ўтган олти ойда жисмоний ва юридик шахсларнинг жами 4 616 та мурожаати тушган, шундан 3 154 таси ёзма, 1 471 таси оғзаки мурожаатдир. Уларнинг 4 311 таси жисмоний шахслардан, 305 таси юридик шахслардан келиб тушган. Мурожаатларнинг барчаси кўриб чиқиш учун назоратга олиниб, 1 982 таси қаноатлантирилган, 2 402 тасига тушунтиришлар берилган, 13 таси рад этилган, 219 тасининг кўриб чиқиш муддатлари узайтирилган.
Тадбир давомида иштирокчилар йил бошида ишга туширилган замонавий Call cентер фаолияти билан танишди ҳамда «Ўзтрансгаз» АЖ ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)