Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 29 июлдан кенг кўламдаги фестиваллар кетма-кетлигини бошлайди. Ёрқин тадбирлар орасида биринчи бўлиб «Chilla Fest-2018» фестивали ўтказилади. Пойтахтнинг бешта энг йирик истироҳат боғи оммавий халқ сайиллари марказига айланади. Бу ҳақда «Дарё»га тадбир мутасаддилари маълум қилди.

Фото: UzDaily

Фото: UzDaily

«Chilla Fest-2018» турли ёшдаги кишилар эътиборини қамраб олишга мўлжалланган, оилавий фестиваль дастуридир. Ушбу байрам шаҳар аҳолиси учун дам олиш кунини дўстлик ва самимият муҳитида ўтказиш, оила ришталарини мустаҳкамлаш ва ўз шаҳрига бўлган муҳаббатини оширишга яна бир имконият яратади. Mусаффо осмон остида ушбу тадбир Central Park, Green Park, «Локомотив», «Анҳор-Локомотив» ва Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғларида ўтказилади.

Ташкилотчилар амалдаги аттракцион ва арғимчоқларга қўшимча равишда ахборот-кўнгилочар ва ҳунармандчилик зоналарини ташкил қилади, қўшиқ ва рақс ансамблларини жалб қилади. Фестиваль дастури турли ёш тоифаларини ўз ичига қамраб олиб, оилавий ва дўстона муҳитда мароқли вақт ўтказишга шароит яратиб беради.

«Мақсадимиз шаҳар аҳолиси бир кунини бўлса ҳам юмушларини унутиб, ўзларига яқин ва азиз бўлган инсонлар, оила аъзолари даврасида ўтказишларига эришишдир. Тошкент кундан-кунга обод, гўзал, қулай ва очиқ шаҳарга айланмоқда. Об-ҳаво муҳити ва истироҳат боғларининг ривожланган инфратузилмаси бу турдаги тадбирларни очиқ ҳавода ўтказишга ундайди. ‘Chilla Fest-2018’ бир вақтнинг ўзида бешта жойда ўтказилиши тирбандликнинг олдини олиш, аҳолининг бемалол дам олиши ва ўзларига қулай жойни танлаши имконини беради. Умид қиламизки, кейинги йилда Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари ҳам бу турдаги тадбирларни ўз маданий дастурларига киритади»,—дейди Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳомийлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги таклифларга очиқлигини маълум қилади. Қуйидаги мавзуларда мурожаат қилиш мумкин:

«Chilla Fest-2018»да ўз корхонангиз зонасини жойлаштириш;

Фестиваль доирасида озиқ-овқат савдо шахобчаларини очиш;

Тадбир ўтказишда ўз ёрдамингизни таклиф қилиш;

Истироҳат боғларининг йирик саҳналарида чиқишларни амалга ошириш.

Таклиф ва мулоҳазалар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий ҳамкори — «Unique Present Media Holding» корхонаси томонидан қабул қилинади.

Телефон: +998(71)150-84-84 (ички 2);

Электрон почта манзили: info@upc.uz

Изоҳ
Асосий янгиликлар