14 июль куни «Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди, деб ёзади ЎзА.
Қарорда таъкидланганидек, 2014—2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни молиялаштириш учун қарийб 800 миллиард сўм ажратилиб, уларнинг натижаларига кўра илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан 700 дан ортиқ ихтиро патентлаштирилди.
Бироқ, охирги 5 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ва патентланган ихтиролар сонининг йилига 0,5 фоизини ташкил этувчи тижоратлаштириш даражаси етарли эмаслиги, чоп этилган илмий мақолалар ва яратилган интеллектуал мулк объектлари сони илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари бўлиб қолаётганлиги таъкидланди.
Маҳаллий илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни жадал жорий этишни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтиришда илм-фан ҳиссасини ошириш, шунингдек, илмий ва илмий-техникавий фаолиятнинг истиқболли маҳаллий ютуқларини илгари суришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида:
Қуйидагилар илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда муассасалар деб юритилади) илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш соҳасидаги асосий вазифалари этиб белгиланди:
республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий этиш;
фанлараро алоқаларни, шу жумладан, халқаро фанлараро алоқаларни шакллантириш жараёнларини рағбатлантириш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ва жамоаларни яратиш;
илмий ва илмий-техникавий фаолиятни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал этишга, шунингдек, ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжларини қондиришга қаратилган амалий натижаларни олишга йўналтириш;
юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга хизмат қиладиган юқори технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида инновацион тадқиқотларни олиб бориш;
тадқиқотларни мамлакатни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни жадал ишлаб чиқишга йўналтириш.
Қуйидагилар илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришнинг асосий усуллари этиб белгиланди:
илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларидан фойдаланган ҳолда яратилган товарларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилиш ёки ушбу натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
тижорат ташкилотларини ташкил этиш, бунда уларнинг таъсисчиларидан бири устав фондига ҳисса сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган муассаса (ёки ихтисослаштирилган аффилланган ташкилот) ҳисобланади;
интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқларини учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объектлардан фойдаланиш ҳуқуқини лицензия шартномаларини тузиш орқали, шу жумладан, уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш.
Вазирлик ва идоралар томонидан шартнома асосида харид қилиш орқали тижоратлаштириладиган ишланмалар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқланади.
Изоҳ (0)