Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Бир ой муқаддам афсонавий «Халқлар дўстлиги» (собиқ «Истиқлол») саройи майдонида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Май ойида эса давлат раҳбари санъат саройи ва майдонга эски номини қайтариш таклифи билан чиққан эди. Ҳозирда қурувчилар жамоаси бинонинг олд томонини янгилашга киришган. Маълум бўлишича, бинонинг ички қисмини янгилаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Яқинда 40 йиллиги нишонланувчи «Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари Исроил Ғуломов, концерт саройиди нималар ўзгариши, нима учун концерт дастурларига бир неч ой тайёрланиш лозимлиги ва юлдузлар билан ишлаш ҳақида гапирди. Ўтган йили Исроил Ғуломов давлат раҳбари томонидан «Дўстлик» орденига муносиб деб топилган.

— 1980 йилда қурилган сарой шу вақтгача неча марта реконструкция қилинди ва бу сафар қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

— Аслида бу биринчи марта амалга оширилмоқда. Кичик таъмирлаш ишлари ўтказилганди, аммо капитал таъмирлаш ишлари илк маротаба ўтказилмоқда. Бу йил бинонинг томи ва ташқи тарафини таъмирлаб, бутун таъмирлаш ишларини 3 йилда тугатишни режалаштирандик. Бироқ яқин ойларда бир неча катта тадбирдар ўтказилиши режалаштирилганилиги сабабли интерьерни ҳам янгилашга қарор қилдик. Саҳна, зал ва ўриндиқларни ўзгартирамиз. Ўйлайманки, режалаштирилган ишларнинг 70% ни йил охирига қадар бажаришга улгурамиз.

Бунда ҳамма нарсани ҳисобга олиш лозим. Ўзингиз биласиз, баъзи концерт дастурлари 2-3 соат давом этади. Агар томошабин ўзини ноқулай сезса, концертдан баҳа ололмайди. Шу сабабли қулайлик яратишга қўлдан келганча ҳаракат қиламиз, ўриндиқлар эса бу борада муҳим рол ўйнайди. Уларни янгилаш арафасидамиз.

«Халқлар дўстлиги»га бўлган эътибор, ишонч ва ғамхўрлик учун Президент, Бош вазир ва шаҳар ҳокимидан миннатдормиз. Барча ижобий ўзгаришлар уларнинг шарофати, қўллаб-қувватлаши натижасидир.

— Сарой 38 ёшда. Концерт фаолияти билан 37 йилдан бери шуғулланиб келасиз. Унинг тарихи ва уша пайтда нима билан шуғулланганингизни эслай оласизми?

— Ўз касбий фаолиятимни талабалик давримда бошлаганман. Ўшанда театр институтида ўқирдим – ўша пайтларда Ленинградда иқтисодиёт ва маданиятни бошқариш бўйича ягона факультет эди. Ўқишга 1981 йилда кириб, 1986 йилда тамомлаганман. Ўқиш билан биргаликда продюссерлик фаолияти билан ҳам шуғулланганман. Уша даврларда концерт дастурларини ташкиллаштириш бўйича тажриба орттирдим.

Умуман олганда, барчаси афишаларни ёпиштиришдан бошланган. Мен ҳурмат қиладиган устозларимдан бири концертларни ташкил этишдаги профессионал фаолият айнан афишаларни ёпиштиришдан бошланади, деб ҳисоблар эди.

Afishaларни ёпиштириш ҳам бир санъат – одамлар гавжум бўладиган ерларни билиш, шаҳарни ўрганиш лозим эди. Дастабки уюштирилган концерт дастурлари учун афишаларни ўзим ёпиштириб чиққанман.

Акамни ўзимнинг биринчи устозим деб биламан. У таниқли қўшиқчи эди, мен эса 12—13 ёшимдаёқ унинг маъмури вазифасини бажарардим. Барча чиқишлар ҳисобини қилар, одамлар билан келишиб, ташкилий ишларни бажарардим.

— Биринчи марта ташкиллаштирган концерт дастурингиз эсингиздами?

— Албатта. 1988 йил циркда ишлаган пайтимда Италия модалар намойишини олиб келганмиз. Бу менинг илк катта концерт дастурим эди. Ўша йилларда кўплаб гастролчиларни таклиф қилганман. Циркда ишлаган пайтим биз кўп маротаба бутун иттифоқ бўйлаб саёҳатга чиқардик. Ўзимиз бошқа давлатлар бўйлаб гастрол сафарларига чиққанимизда эса артистларни камида 20 кунга таклиф қилардик. Шунда ҳар бир шаҳар ва унга яқин мамлакатлар учун 4 кундан тўғри келарди.

— Ўша йилларда концерт дастурларини ташкил этиш қанчалик мураккаб эди?

— Ҳаммаси бутунлай бошқача бўлган. Бундай масалалар телефон орқали ҳал қилинарди: дастлаб келишиб олардик, сўнг санъаткор ўзига чипта сотиб оларди. Биз эса унга меҳмонхона ва транспорт тайёрлаб қўярдик. Санъаткор келгач, тегишли миқдорда пул ўтказиб барча харажатларни қоплаганмиз. Ҳозирги пайтда санъаткорлар бошқача. Кўпчилик санъаткорларга 100 % олдиндан тўлов киритишингиз лозим, акс ҳолда келишмайди. Харажатлар олдиндан тўлиқ тўламаганлиги сабабли улар келмаганлиги оқибатида қанча концерт дастурлари бекор қилинган пайтлар бўлган. Умуман олганда, энг ёмони – бу санъаткорнинг панд беришидир. Сиз аллақачон ишнинг катта қисмини бажариб бўлдингиз, томошабинлар йиғилишни бошламоқда. Шундай пайтда санъаткор панд берса – биз томошабинларни, уларнинг ишончини йўқотамиз. Мен доим концерт дастурини ўтказувчи ташкилотчилар панд бермаслигига ҳаракат қиламан. Биз доим обрў-эътиборимизга доғ тушмаслик ҳақида қайғурамиз. Агар бирор шахс (ташкилотчи) ҳали концерт бермаган бўлса, унинг панд бериши эҳтимоли юқори бўлади. Мен томошабинлар мамнун бўлиши учун одамларга ишонч ҳосил қилишни хоҳлайман.

Ҳамма нарсада тартиб-эътиборни сақлаш лозим. Мен доим бизнинг саҳнада ижро этувчи санъаткор рэпертуарини шахсан кузатаман. Агар лозим бўлса – маслаҳатларимни аямайман. Бунда санъаткор менталитетининг ўзига хослигини ҳам ҳисобга оламан. Баъзан ёш санаъаткорлар келиб бутун бошли катта залда концерт бермоқчи бўлади. Агар ижрочи зални тўлдиришига шубҳа қилсак, рози бўлмаймиз. Унинг ўзига ҳам ярим бўш залда ижро этиши ёқимли бўлмаса керак? Бу санъаткор кайфиятини кўтармаслиги аниқ.

Шундай санъаткорлар борки, уларнинг мухлислари 20 йил давомида, деярли барча концерт дастурларига тушадилар. Биз уларни таниб ҳам қолганмиз. Бундай санъаткорларнинг мухлислари кўпайиб боради, лекин доимий томошабинлар ўзгармайди. Масалан, Ғиёс Бойтоев – унинг концертида биз илк концерт дастурига келган одамларни учратамиз.

— Концерт чипталари тез сотилиб кетган санъаткорлар эсингиздами?

— Ўзимизнинг санъаткорлардан, айнан қайси йили бўлганини айтмайман, Шерали Жўраевни мисол қилиб келтиришим мумкин. Бир пайтлар Шерали Жўраев маъмури бўлганимда унинг концертини таваккал қилиб 3 кун ичида ташкиллаштиришга қарор қилганмиз. Шу куни эълон қилдик ва 2 кунлик концерт чипталари ўша куннинг ўзидаёқ сотилиб кетди. Бу 8000 та чипта эди.

Яна, раҳматли Хожибой Тожибоев концертини мисол қилиб келтиришим мумкин. Ўшанда 8 кунлик концерт чипталари бир ҳафтада сотилиб кетгани эсимда. Ўша йилларда (1990—1991 йиллар) Охунжон Мадалиев чипталари ҳам тез сотилиб кетарди, шунингдек Россия концертлари чипталари ҳам яхши сотиларди.

— Ўзбек томошабинларига чет эл санъаткорларидан ким кўпроқ ёқади?

—  Чет эл санъаткорларидан энг кўп талаб қилинадигани бу Бочелли концертидир. Россия ижрочиларидан бирини айтиш қийин. Томошабинлар ёши, хоҳиши ва бошқа мезонлардан келиб чиққан ҳолда танлайдилар. Егор Кридни таклиф қилганимизда, ёшлар тўс-топалон қилиб юборишган. Биз уни қандай олиб чиқиб кетишни билмаганмиз. Мухлислар тўлиб кетган, бутун бино атрофини ўраб олганди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга халқимиз севиб тинглайдиган жаҳон юлдузларлари ташриф буюрмоқда. Бунинг учун уларни Ўзбекистонда концерт беришга таклиф қилаётган Алишер Усмоновга катта раҳмат.

— Барчага маълумки, юлдузларнинг ўз талабномалари (рейд) мавжуд ва уларнинг баъзилари ниҳоятда катта ва қийиндир. Шундай талаблар ҳақида гапириб ўтсангиз.

— Агар ишонсангиз, Бочеллининг талабномаси 57 вароқдан иборат эди. Буларнинг барчаси икир-чиқирларигача бажарилиши лозим эди. Ҳар бир санъаткорнинг бу талабномалари бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг маъмурлари буни қатий назорат қиладилар. Баъзи юлдузларнинг талабларига ҳайрон қолмай илож йўқ. Баъзан бизда йўқ бўлган овқат ёки ичимликни сўрашлари мумкин. Бир пайтлар, ҳатто Москвадан ҳам тополмаган винони қидирганимиз эсимда. Уша санъаткорни Самарқанд коняги билан меҳмон қилганмиз. Бошида унчалик хушламади-ю, аммо татиб кўрди. Охир оқибат унга жуда ёқиб қолди ва ўзи билан бир неча бутилка олиб кетишга қарор қилди.

— Юлдузлар Ўзбекистонга қандай самолётда келади? Бу оддий рейсларми ёки чартерлар?

— Аксарияти ўз жамоаси билан оддий самолётда учиб келишади. Европалик юлдузлар одатда чартер рейсларда келиб, ўзлари билан катта жамоани, баъзан эса мусиқа аппаратураларини ҳам олиб келадилар. Шахсий самолётида келган бирор бир юлдузни эслай олмайман.

— Концерт чипталари нархи қандай белгиланади? Нима учун баъзи чипталар жуда қиммат, баъзилари эса аксинча, арзон бўлади?

— Бу концерт дастурини ўтказувчи ташкилотчиларга боғлиқ. Айнан улар чипталарни сотиш ва тарқатиш билан шуғулланадилар, уларнинг нархини белгилайдилар. Шу сабабли бунга бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ.

— Аксарият концерт чипталарида «фонограммадан фойдаланилади», деб ёзилади, лекин юлдузлар жонли ижрода куйлашларини айтадилар. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

— Ўринли савол. Дейлик, жонли ижрода қўшиқ айтяпсиз, мусиқаси ҳам жонли. Фақат биргина мусиқа асбоби овози фонограмма орқали берилмоқда. Мана шундай вазиятлар учун қатъий белгиланган талаблар бор, улар бузилса, катта жарима солиниши мумкин. Бу қонунчилик талаби бўлиб, барча санъаткорлар унга риоя қилишлари шарт.

— Саройда концерт берувчи ҳар бир санъаткор билан учрашишингизга тўғри келадими?

— Албатта, раҳбар сифатида шундай қилишим шарт. Учрашаман, ҳамма нарсаларнинг созлиги ва айтилган талаблар бажарилганлигини суриштираман. Ўзингиз биласиз, агар концерт яхши ўтса – раҳбарни мақташади, ёмон ўтса ҳам ҳамма гапни раҳбар эшитади. Мен ўзим гастрол сафарларини ташкиллаштириш билан шуғулланганман ва санъаткорнинг ҳамма нарсадан кўнгли тўлиши муҳим эканлигини биламан. Агар санъаткорнинг кайфияти бўлмаса – мухлислар буни дарров сезишади ва уларнинг концертдан кўнгли тўлмайди.

— Айни дамда «Халқлар дўстлиги»да нечта одам фаолият юритади?

— Ҳозирда бизнинг жамоа 119 кишидан иборат. Уларнинг кўпчилиги бу ерда 20-30 йилдан бери ишлаб келаётганлардир. Менга уларда ёқадиган бир жиҳат - «Халқлар дўстлиги» саройини ўзларининг уйи деб ҳисоблашларидир. Улар ишларини яхши кўрадилар ва унга масъулият билан ёндашадилар. Улар ўз ишларига 100% содиқ бўлган инсонлардир. Биласизми, шундай ходимларингиз бўлса ишлаш ҳам осон, ҳам завқлидир. Ҳозир бизда ишчилар жамоаси ташкил этилган бўлиб, улар энг қийин ва ҳатто 3 киши қилиши керак бўлган ишларни ҳам бажарадилар.

Нима бўлган тақдирда ҳам биз томошабинлар учун ишлаймиз. Улар ҳар доим ҳақ. Томошабин бирор концерт дастурига келган бўлади-ю, унга ёқмаса, бу ерга бошқа келмасликка ҳаққи бор. У ўзини қулай сезиши, уни яхши кутиб олиб, кузатиб қўйишлари, ўз жойларини топишда ёрдам беришлари ва буларнинг барчаси профессионал тарзда амалга оширилиши муҳим. Бизга бўлган муносабат айнан кичик нарсалардан шаклланади. Агар томошабинга қўполлик қилинса, бутун концерт давомида кайфияти бўлмайди ва концертдан норози бўлиб кетади.

— Санъат саройи раҳбарининг кун тартиби қандай?

— Одатда эрталаб 07:00 да уйғонаман. Менда шундай одат бор – ҳар куни эрталаб бир соат кўчада сайр қиламан. Бу янги кун бошлашдан аввал кичик бир бадантарбиядир. Концерт бўлган кунлари соат 23:00 дан вақтли кетмаймиз. Саройдан охирги томошабин чиққунига қадар шу ерда бўламиз. Сўнг тунги тозалаш ишлари бошланганини шахсан текшираман. Концертдан сўнг албатта тозаланиши шарт. Концерт мавсуми қарийб йил бўйи давом этади, шунинг учун деярли дам олиш ва таътилга чиқмасдан ишлаймиз.

— Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Беш нафар фарзандим бор – иккитаси биринчи турмушимдан, улар аллақачон вояга етган, учтаси эса – иккинчи турмушимдан, улар ҳали ёш. Очиғини айтсам, энг кичик ўғлим билан бирга катта бўляпмиз, у энди 8 ёшга тўлди. Биласизми, болаларнинг улғайишини кузатиш одамга қандайдир енгиллик бағишлайди. Ўғлим билан қизим махсус мусиқа мактабида ўқийди. Қизим вокал бўйича ўқийди, ўғлим кларнет чалади ва у ҳам вокал билан шуғулланади. Мен, ҳар қандай ота каби уларни ютуқларидан қувонаман ва танловларини маъқуллайман. Болаларим ўзларини мусиқа ёки актёрлик санъатига бағишлашни хоҳлайди. Энг кичик ўғлим эса математикага қизиқади. Мен бунга албатта розиман. Ота-она фарзандига фақат яхшиликни раво кўради.

— Яқин келажакда «Халқлар дўстлиги» саройи билан боғлиқ қандай режалар бор?

— Бизнинг режалар бир йилга мўлжалланган. Ўзимнинг келаси йил июнь ойига қадар иш тартибимни айтиб беришим мумкин. Биз концерт дастурлари ва рэпертуарлар тартибига доим пухта тайёргарлик кўрамиз. Бизга келган ташкилотчиларга ҳам шуни маслаҳат берамиз. Баъзан шундай ҳолатдар ҳам бўладики, кимдир бир ҳафта концерт беришни режалаштиради. Сўнг чипталар сотилиши ёки ўзининг ишидан қониқмайди. Иложи борича ҳаммасини пухта режалаштириш лозим.

Болалар концертига урғу бериш ниятидамиз. Улар ҳозирда машҳур бўлиб, ёш авлод ривожланишида муҳим ўрин тутади. Шу билан биргаликда болалар концертга бир ўзи тушмаслигини унутмаслик лозим. Улар ота-оналари, бобо-бувилари ҳамроҳлигида келишади. Шу сабабли спектакл ёки концерт болаларга ҳам, катталарга ҳам қизиқ бўлиши лозим. Биз бунга эришишга астойдил ҳаракат қилмоқдамиз!

Изоҳ
Асосий янгиликлар