12 июнь куни Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган Cristal супермаркет биносида содир бўлган ёнғиндан сўнг, пойтахт ҳудудида жойлашган йирик савдо-кўнгилочар мажмуаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар кучайтирилди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Ҳозирги кунда пойтахт ҳудудида жойлашган йирик савдо-кўнгилочар мажмуаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташкилий тадбирлар кўрилаётганлиги юзасидан комплекс ўрганишлар ўтказилмоқда. Ўрганишларда асосий эътибор объектларда ёнғинни автоматик равишда сезиш ва овозли хабар бериш, шунингдек, тутунни ҳайдаб чиқариш қурилмалари созлигига, захира чиқиш йўлларининг ҳолатига, ёнғин вақтида йўналишни кўрсатувчи белгилар ва авариявий ёритиш тизими мавжудлигига, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларини созлигига, марказлар ходимлари ёнғин ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда ўз вазифаларини қай даражада билишлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Савдо-кўнгилочар мажмуалари ишчи хизматчиларини содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни бартараф этиш ва инсонларни тезда эвакуация қилишни ташкил этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда пойтахт худудида жойлашган йирик савдо-кўнгилочар мажмуаларида Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг туну-кун навбатчилиги ташкил этилган.
Изоҳ (0)