Ўтган йилнинг июнидан Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Туробжон Жўраев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий ҳаракатларни амалга оширганлиги учун вазифасидан озод қилинган, дея хабар қилди «Газета.uz» «Ўзбекистон 24» телеканалига асосланган ҳолда.

Фото: «Газета.uz»

«У ўз манфаатлари учун бутун бошли вертикал порахўрлик тизимини яратиб, маҳаллийчиликка йўл қўйган, таъмагирлик йўли билан пул маблағларини ўзлаштирган», — дейилади дастурда.

Жиноят ишида Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаев, қурилиш бўйича мутахассис Баҳодир Хўжақулов ва ҳоким ёрдамчиси Ботир Хўжақулов ҳам ҳибсга олинган.

Дастурда қайд этилишича, ҳокимиятда кўп квартирали уйларни қуришга рухсат бериш ва тадбиркорларга турар жой объектлар қурилиши учун ер майдонларини ажратишда пора тизими амалда бўлган.

Тергов ишлари олиб борилмоқда, айбланувчилар ҳибсга олинган.

Жорий йилнинг олти ойи давомида 867 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, 56 та ҳолатда порахўрлик ҳолати қайд этилган.