Қозоғистон пойтахтидаги Мустақиллик саройида 6 июль куни Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан ушбу тадбирда иштирок этди, деб хабар қилади Президент матбуот хизмати.
Ўзбекистон раҳбари ушбу тарихий сана билан Қозоғистон халқи ва Нурсултон Назарбоевни самимий табриклади.
«Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Унинг қиёфасида қозоқ халқининг бой маданияти ва анъаналари, замонавий архитектура ютуқлари мужассам. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдон ҳамдир», — деди Шавкат Мирзиёев.
Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирлари самимий мулоқот майдони бўлди. Юбилейда Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Сооронбай Жээнбеков ва Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон санъат усталари томонидан ҳам куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.
Изоҳ (0)