Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан Япония ҳукумати ўртасида «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш» (JDS) лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Вафоев ва Япониянинг мамлакатдаги элчиси Нобуаки Ито Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда, жумладан, фан-таълим йўналишида изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
«Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш» лойиҳаси ҳам юртимиздаги турли давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралаларда фаолият юритаётган уч йиллик тажрибага эга ёш кадрларнинг Япониядаги нуфузли олий ўқув юртларида магистрлик босқичида таълим олишини таъминлаш, уларнинг билим ва тажрибасини оширишга қаратилган.
Бу лойиҳа 1999 йилдан буён Япония ҳукумати билан ҳамкорликда амалга ошириб келинмоқда. Ўтган вақт мобайнида 311 нафар ёш мутахассис кунчиқар мамлакатда банк-молия, иқтисод, сиёсат, тиббиёт, филология йўналишларида таҳсил олиб қайтган. Лойиҳа 2019–2020 йилларда 17 нафар ёш истеъдод эгаларининг Японияда таҳсил олишини назарда тутади. Унга 2,4 миллион доллар миқдорида грант маблағи ажратилади.
Тадбирда фан-таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илмий тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш борасида қилинаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
Изоҳ (0)