Самарқандда 19—23 июнь кунлари умумтаълим мактабларининг 10—11-синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанлари бўйича ўтказилган Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ғолиблари тақдирланди, деб хабар беради ЎзА.
Президент ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро танловда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан вакиллар иштирок этди. Илк бор ўтказилган халқаро олимпиадада ушбу мамлакатларнинг 45 иқтидорли ўқувчиси билимини синовдан ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва олимпиада ҳакамлар ҳайъати вакиллари мазкур танлов биринчи марта ўтказилаётган бўлса-да, унга қизиқиш юқори бўлгани ҳамда барча жараёнлар юксак савияда ташкил этилганини таъкидлади.
«Танловда энг иқтидорли ўқувчилар барча синовларда фаол қатнашганига амин бўлдим. Уларнинг ишларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб борди. Шубҳасиз, энг билимлилар ғолиб бўлди. Халқаро олимпиадага Самарқандда катта ҳозирлик кўрилган экан. Тадбир доирасида шаҳар бўйлаб уюштирилган саёҳатлар, турли маданий тадбирлар, учрашувлар таассуротларга бой бўлди», — дейди Халқаро физика олимпиадалари бўйича бош ҳакам, Москва давлат техника институти кафедра мудири ўринбосари Д.Александров.
Икки босқичда ўтказилган олимпиада натижаларига кўра, физика фанидан Ўзбекистон жамоаси аъзоси, Наманган давлат университети академик-лицейи ўқувчиси Умиджон Ҳафизов олтин медални қўлга киритди. Қирғизистонлик Темур Тиничбеков, қозоғистонлик Ислам Амангелди ва ўзбекистонлик ўқувчилар Отабек Ҳасанов ҳамда Абдураҳмон Носиров кумуш медалга сазовор бўлди. Ушбу фан бўйича яна олти нафар иштирокчи бронза медали билан тақдирланди.
Астрономия фани бўйича баҳсларда Қирғизистон республикаси Бишкек шаҳридаги физика-математика фанларига ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Ирискелди Анарбеков олтин медални қўлга киритди. Қозоғистон жамоаси аъзоси Жанибек Аманкул кумуш медаль, ўзбекистонлик Дўстмамат Бозорқулов ва қозоғистонлик Ержан Кенес бронза медалга сазовор бўлди.
«Халқаро олимпиадада ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман. Бунинг учун, аввало, устозларимдан миннатдорман. Танлов давомида хорижий давлатлардан келган тенгдошларим билан танишиб, ўзаро фикр алмашдик. Уларга юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар ҳақида гапириб бердим», — дейди Наманган давлат университети академик-лицейи ўқувчиси У.Ҳафизов.
Олимпиадада Ўзбекистон вакиллари жами 6 та, қозоғистонликлар 5 та, қирғизистонликлар 3 та ва туркманистонликлар 1 та медалга сазовор бўлди.
Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадани ҳар икки йилда анъанавий тарзда Самарқандда ўтказиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)