2018 йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Янги Зеландия фавқулодда ва мухтор элчиси Иен Александр Ҳилл билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон — Янги Зеландия кун тартибидаги долзарб масалаларга ва уни кенгайтириш истиқболларига асосий эътибор қаратилди.
Ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан олислигига қарамасдан савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар, хусусан қишлоқ хўжалиги, муқобил электр энергияси, туризм, фан-таълим соҳаларида Янги Зеландиянинг илғор тажрибасини жалб қилган ҳолда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди ва унинг аниқ истиқболлари мавжудлиги қайд этилди.
Учрашувда ҳамкорликнинг ишончли меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш, жумладан савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик, инвестицияни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, икки марта солиққа тортмаслик ва бошқа соҳаларда битимлар тайёрлаш ва имзолаш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳ (0)