Чоршанба куни Тошкент ҳалқа автойўлидаги асосига шикаст етган иккита симёғоч ўрнига учта бетон электр ўтказгич ўрнатилди. Уларнинг қулаши натижасида атрофдаги ҳудуд бир қарийб бир сутка электр тармоғидан узилиб қолганди. Соат 18:00 да электр тармоғи қайта тикланди. Аҳоли шунингдек сув ҳам узилганини хабар қилганди, деб ёзади «Газета.uz».
19 июнь куни кечқурун «Ўрикзор» бозори ва Назарбек посёлкаси ўртасида симёғоч қулаб тушди. Унга яқин жойлашган иккинчи симёғочнинг эса юқори қисмига шикаст етди.
Тошкент шаҳар ИИБ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, воқеа натижасида ҳеч кимга зарар етмаган. Аммо Назарбек томондаги автомашиналарнинг ҳаракати тўхтатилди.
Тиклаш ишларида Тошкент шаҳар ИИБ, Тошкент шаҳар электр тармоқлари ва Учтепа ҳокимлиги ходимлари, шунингдек, яқин-атрофда жойлашган мактаб ўқитувчилари қатнашди.
Иш бажарилаётган пайтда машиналар қарама-қарши йўналишда ҳаракат қилди.
Изоҳ (0)