Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йилнинг 12 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари қаторида «Ўзбекистон Республикаси Савдо–саноат палатаси тўғрисида»ги қонуни ҳам янги таҳрирда қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнига тадбиркорлар, амалиётчи олимлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари жалб қилинди ҳамда қизғин муҳокамалар ўтказилди.
Тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, бизнес ҳамжамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини барча чоралар билан қўллаб-қувватлаш Савдо-саноат палатасининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Мазкур қонунда палатанинг функциялари белгилаб берилди, палатанинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги, палата фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан унга аъзолик масалалари тартибга солинди. Унда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун палатага аъзолик ихтиёрий қилиб белгиланди.
Қонун кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.
Изоҳ (0)