2018 йилнинг 11 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Томас Гремингер бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Т. Гремингер ва делегацияси аъзолари ЕХҲТ билан ўтказиладиган «Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.
ТИВдаги суҳбат давомида ЕХҲТнинг барча уч ўлчамларида ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.
Қайд этилганидек, амалга оширилаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими ислоҳоти, шунингдек, уларнинг фуқаролар билан мулоқотга очиқлиги Ўзбекистонни сиёсий ривожланишнинг мутлақо янги даражага олиб чиқди ва ЕХҲТ билан ҳамкорликни кенгайтириш учун аниқ имкониятлар яратди.
Учрашувда 26—27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунлари нуқтаи назаридан минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокараларда ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори Жон МакГрегор иштирок эди.
Изоҳ (0)