Самарқанд шаҳрида реконструкциядан чиқарилган кўп қаватли уйнинг 51 та хонадони уй-жойга муҳтож оилаларга топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Самарқанд шаҳри Спитаменшох кўчаси 161-манзилида жойлашган кўп қаватли уйнинг 51 та хонадони кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахсларга топширилди. Уйларнинг 8 таси — 2 хонали, 43 таси — 1 хонали.
Уй-жойларни ўз эгаларига топширишга бағишланган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Туробжон Жўраев иштирок этди.
Самарқанд транспорт ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи тасарруфида бўлган, фойдаланилмасдан бўш турган 3 қаватли бинони таъмирлаш учун бюджет ҳисобидан 2 миллиард 160 миллион сўм ажратилган.
Бинонинг биринчи қаватида маънавият ва тиббиёт хоналари учун ажратилган. Шунингдек, бинода яшовчи фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида 3 хонадондан иборат тикув цехи ташкил қилинган. Цехда «Бофанда» МЧЖ 8 та тикув машинаси ўрнатган.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жойга муҳтож шахсларнинг мурожаатлари ўрганилган. Натижада 40 та оилага уй берилган. Қолган 11 та хонадон Самарқанд шаҳар ҳокимлигида уй-жой олиш учун навбатда турган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (чин етимлар)га ажратилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)