Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари ҳамда вилоят бош имом хатиби ва ҳудудий имомлар билан ҳамкорликда «Диннинг мазмун-моҳияти, унинг жамиятдаги вазифалари, диний экстремистик ташкилотлар фаолиятлари» мавзусида сайёр семинарлар ташкил этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган мазкур семинарларда ҳозирги вақтда жаҳонда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ бўлган долзарб масалалар хусусида тўхталиб ўтилди. Яъни диннинг мазмун-моҳиятини тушунмасдан, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган ёт ғоя ва оқимларга кўр-кўрона эргашаётган ёшлар қисмати, лоқайдлик ҳамда бепарволикнинг оқибатлари ҳақида фикр юритилди.
Ҳарбий округнинг деярли барча ҳарбий қисмларида ўтказилган давра суҳбатларида Мудофаа вазирлиги масъул ходими Ўролбой Маматалиев, Бухоро шаҳридаги Мавлоно Шамсиддин Маҳбубий жоме масжиди имом хатиби Бахтиёр Мантизов, Қарши шаҳридаги Хўжа Ҳофиз масжиди имом хатиби Боймурод Холмуродов, Сурхондарё вилояти Денов тумани бош имом хатиби Караматулло Ортиқов ва бошқалар ўз маърузалари билан қатнашди.
Бу каби маънавий-маърифий тадбир Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмларда ҳам ўтказилди. Унда Бахмал тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Ахмуродова, «Оила» илмий-амалий маркази директори Малоҳат Холиқова, ФҲДЁ мудири Ёдгора Хидирова ҳамда туман бош имом хатиби Раҳмонқул Маматқулов томонидан жамиятдаги ажримларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга шароит яратаётган омиллар, оила муносабатида диний қарашлар ҳамда ҳарбий оилалар ўртасида ўтказилаётган спорт ва маданий тадбирларнинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтилди.
Изоҳ (0)