Бутунжаҳон жарроҳ-онкологлар федерацияси халқаро илмий-таълим мактабининг 2018 йилги машғулотлари жорий йил 7—10 июнь кунлари «Онкологияда даволашнинг ягона таълим стандарти: технология ва инновация» мавзуида Бухоро шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мазкур халқаро анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган федерация аъзолари, дунёнинг таниқли онколог олим ва мутахассислари 6 июнь куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалига ташриф буюрди.
Меҳмонлар бу ерда беморларга ташхис қўйиш ва даволаш, замонавий тиббий ускунлардан фойдаланиш, ходимлар билими ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Беморларни кўрикдан ўтказиб, уларни даволаш юзасидан самарқандлик ҳамкасблари билан фикр алмашди.
«Бугунги кунда дунё миқёсида онокологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида тадқиқотлар олиб борилиб, янги усуллар қўлланилмоқда. Самарқандлик мутахассисларнинг сут бези саратони хасталигига чалинган беморларни даволаш жараёни билан танишиб, уларнинг бу борада бой тажриба тўплагани ҳамда халқаро талаблар даражасида иш тутаётганига гувоҳ бўлдик», — дейди Бутунжаҳон жарроҳ-онкологлар федерацияси (WFSOS) президенти, Сербия онкологлар ассоциацияси раиси Радон Жодич.
Мазкур тадбирни келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф этилмоқда. Илмий кенгашда бу таклиф тасдиқланса, машғулотлар 2019 йилда Самарқандда бўлиб ўтади.
Федерация аъзолари филиал ходимлари билан соҳадаги янгиликлар, галдаги вазифаларни муҳокама этиб, ёш мутахассислар учун маҳорат машғулотлари ўтказди.