4 июнь куни миллий матбуот марказида «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси раҳбарияти ОАВ ходимлари билан учрашди.
Учрашувда «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар ва муаммолар тўғрисида сўз борди.
Бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Алишер Абдуллаевнинг сўзларига кўра, янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш орқали биринчи навбатда ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва иккинчи масала бу экспорт салоҳиятини оширишдан иборатдир.
«Бизнинг вазифамиз маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарга ёрдам бериш. Маҳсулотларини хориж бозорларига экспорт қилишга кўмаклашишдир. Уларга давлат томонидан қандай имконият ва имтиёзлар берилаётган бўлса, улардан тўғри ва самарали фойдаланиб, мавжуд муаммоларини ҳал этилишида асосий кўмакчи бўлишимиз керак. Шундагина компаниямизга аъзо корхоналар бизга ишонади», – дейди Алишер Абдуллаев ўз маърузасида.
Матбуот анжуманида шунингдек, импортни оптималлаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Таҳлилларга кўра, 2017 йилда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2013 йилга нисбатан 3,3 бараварга ўсган. Мазкур юқори ўсиш суратларига ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш орқали эришилган. Ўзбек бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон, Украина, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия каби ўнлаб давлатларга экспорт қилинмоқда.
«Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни халқимизга арзон ва сифатли тақдим этиш учун бутловчи эҳтиёт қисмларни ўзимизда ишлаб чиқаришимиз керак. Чунки, импорт ҳажмини қисқартириш, экспортни ошириш бўйича кўп ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Олдимизда катта вазифалар турибди. Қолаверса, Президентимиз бизга ишонган. Биз давлатимиз ва халқимиз ишончини ошириш учун туну кун ишлашга тайёрмиз. Агар олдимиздаги мақсадларни амалга ошира олсак, иқтисодий тараққиётимиз ҳам яхшиланади», – дейди Алишер Абдуллаев.
«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар ва муаммолар тўғрисида ҳисобот ҳақида маълумот берилган эди.