Вазирлар Маҳкамаси қарори билан туристик йиғимни ундириш ва туризм фаолиятини лицензиялаш тартибини белгиловчи ҳужжатларга тегишли қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Жумладан, хорижий фуқароларни жойлаштириш воситаларининг тури ва тоифасига қараб туристик йиғимнинг табақалаштирилган ставкалари жорий этилди. 16 ёшга тўлмаган болалар бу йиғимни тўлашдан озод қилинди.
Шунингдек мустақил саёҳат қиладиган, палаткали лагерлар ва тунаш учун жойлаштириш воситаларига қайта жиҳозланган ер усти транспортида яшайдиган хорижий фуқаролар учун туристик йиғим ўз вақтида ёки тўлиқ тўланмаганлиги учун жавобгарлик жорий этилди. Кўрсатилган шахслар Ўзбекистондан чиқишда йиғимнинг тўланмаган қисми учун 10 баравари, яъни энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида (йиғим ЭКИҲнинг 5 фоизини ташкил этади ) жарима тўлайди.
Шунингдек жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари ундирадиган туристик йиғим суммалари уларнинг тушуми (фойдаси) деб ҳисобланмаслиги ҳамда уларга фойда солиғи, ЯСТ, бошқа мажбурий йиғимлар ва тўловлар солинмаслиги аниқлаштирилди. Туристик йиғимлар суммаси тўлиқ ҳажмда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг махсус ҳисоб-рақамларига ўтказилади.
Ҳар йили 500 нафардан ортиқ туристга хизмат кўрсатилганда энди туроператорлар, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари ва турфирмалар лицензия олиш учун мавжуд рўйхатга қўшимча равишда электрон тўловлар, брон қилиш, эквайринг (хизматлар ҳақи тўланиши учун банк карталарини қабул қилиш) каби хизматлар кўрсатувчи кўп тилли веб-сайтга эга бўлишлари шартлиги белгиланди.