Тожикистонда тўхтамасдан ёғаётган кучли ёмғир оқибатида юзага келган сел тошқинлари зарари 2 миллион доллардан ошди. Бу ҳақда EADaily хабар бермоқда.
Расмий маълумотларга кўра, уч нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган.
Куни кеча, 4 июнь куни махсус комиссия табиий офат оқибатида етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича ўз ишини якунлади. «Табиий офат 16 майдан 21 майгача вилоятнинг тўртта туманида кучайди ва 19,5 миллион сомоний (2 миллион доллардан ортиқ) зарар етказди», — дейди Хатлон вилояти ҳукумати ходими Фаридун Давлатов.
Тожикистон ҳукумати қошидаги фавқулодда вазиятлар ва фуқаролар мудофааси қўмитасининг маълум қилишича, сув тошқини ва сел оқибатида Фархор ва Панжда 30 дан ортиқ уй тўлиқ вайрон бўлган, юзлаб бинолар ва томорқа участкалари сув остида қолган, йўллар вайрон бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, Панж туманида сел оқибатида икки нафар бола қурбон бўлган. Бироқ жабрланган қишлоқлар аҳолиси сел олти кишининг ўлимига сабаб бўлганлигини билдирмоқда. Ҳозирги пайтда сел тошқинидан сўнг бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)