Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 51-сонли мактабгача таълим муассасаси ИИБ ташаббуси билан қайтадан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Реконструкция ишлари вилоят ИИБ ҳамда маҳаллий ҳокимият томонидан ҳашар йўли билан амалга оширилди.
Дастлаб MTMда 60 нафар бола тарбияланган бўлса, капитал таъмирлашдан сўнг 150 нафар бола қабул қилинади. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун замонавий ошхона, спорт майдончаси, кутубхона, ёзги айвончалар ҳамда 150 ўринли ёзги саҳна майдончаси қурилди. MTM замонавий юмшоқ мебел ҳамда ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланди.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча хоналар замонавий рақамли видеокузатув ҳамда қайд этиш камералари билан жиҳозланди.
Изоҳ (0)